avatar
Куч
0.00
Рейтинг
0.00

Мақолалар

men bilgan ulkan xazina va bilimlar sarchashmasi ziyonet

Поддержка акций ZiyoNET
Илм-фан
МЕН БИЛГАН УЛКАН ХАЗИНА ВА БИЛИМЛАР САРЧАШМАСИ- ZiyoNET


Мен Эсанова Азиза Ғайрат қизи 2000-йил 23-августда Қашқадарё вилояти Касби туманидаги Пандирон қишлоғида зиёлилар оиласида дунёга келганман ва шу қишлоқдаги 26-мактабнинг бу йил 9-синф ўқувчисиман. Устозим Тўраева Чамангул-менинг энг севган устозларимдан бўлиб, мусиқадан сабок берганлар, хозирда эса менга Карши санъат коллежи  фортепиано булими укитувчиси Наргиза Остонова сабок бериб келмокдалар.
Ёшлигимданоқ  ҳар хил эртаклар тўқишга, суҳандонликка, шеърлар айтишга жуда қизиқардим. Бошланғич синфдалигимдан то бугунги кунга қадар мактаб, туман, вилоят ва Республикада ўтказиб келинаётган турли босқичларда ўтказиладиган тадбирлар, кўрик-танловларда қизиқиш билан иштирок этиб, бир қанча “Ташаккурномалар”, “Фаҳрий ёрлиқ” ва “Диплом”лар соҳиби бўлганман.
         Қарши шаҳридаги болалар мусиқа мактабидаги “Фортепиано тўгарагига қатнашаман. Устозим Наргиза Остоновадан ва Чамангул Тўраевалардан мусиқий сабоқлар ола бошладим. Мусиқани  жондан яхши кўрганим ва қизиққанлигим сабабли  кичик этюдлар, йирик мусиқий асарларни ўрганиб, ижро эта бошладим. Шунингдек, “Зулфияхоним қизлари” туман ва вилоят босқичларида иштирок этиш учун тавсия олдим.
Туман ва вилоят тадбирларида куйлар ижро этиб, ўз тенгдошларим орасида ўз ўрнимга эга бўлиб келмоқдаман.
Бу менинг ўзим ҳақимдаги кичкина бир маълумотномам бўлиб, булар мени сизлар билан яқиндан суҳбатлашишига ва танишиб олишга имкон беради деб ўйлайман. Бу мақолани ёзишдан аввал устозим билан дилдан суҳбатлашдик, баҳс-мунозаралар қилдик, тармоқлар ҳақида билганларимизни  бирга қоғозга туширишга аҳд қилдик. Бизнинг бугун асосий фикрларимиз ижтимоий тармоқлар ҳақида эмас,  миллий сегментимиздаги миллий тармоқ ҳисобланган, бугунги кунда ҳукуматимиз назоратидаги таълим тармоғи ҳисобланган  ZiyoNET тармоғи ҳақидадир. Мен ундаги бир қатор кўрик-танловларда, шу жумладан, “Менинг бобом, бувим-маҳалламиз фахри” иншолар танловида ҳам иштирок этдим. (гарчи айрим қийинчиликлар билан бўлса ҳам..)
         Мен бугун ушбу сайт ходимлари билан яқиндан, дилдан суҳбатлашгим келди. Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ҳақида жуда ҳам кўплаб, ҳатто минглаб фикрлар, танқидлар айтишади, уни ёмонлашади, лекин  ҳамма қўл телефони орқали ёки компьютери орқали ўша “ёмон” деб айтаётган тармоқларидан бош кўтаришмайди. Иш қуроли ҳисобланган болтадан ҳам ёмон, ҳам яхши мақсадларда фойдаланилганидек, интернетдан ҳам ким нимани изласа, мақсадига қараб топади. Менинг  ижтимоий тармоқлар  ҳақида етарлича фикрларим бор, аммо мени хайрон қолдирадиган нарса хоп ижтимоий тармоқ ёмон экан, салбий оқибатлари кўп экан, ёшларни бузаётган экан, унда ёлғон маълумотлар кўп экан… ва ҳоказолар нега миллий тармоқларимиздан,  масалан, миллий сегментимиз ҳисобланган ўзимизнинг қадрдон тармоғимиз ZiyoNETдан фойдаланишмайди? Нега айрим Ота-оналар ҳам,  қаровсиз, назоратсиз қолган болалари ҳам ўша “бемаъни” сайтларда кезиб юришади? Вақтларини беҳудага совуришади?
Майли мен бугун ўзимизнинг энг кўмакчи, беминнат холис ёрдамчи сайтимиз, дўстимиз, ҳамроҳимиз  бўлган ягона таълим тармоғи  ZiyoNET  ҳақида гапирмоқчиман. Буларни ёзишга мени ундаган нарса яқинда ушбу тармоғимизнинг 10 йиллик юбилейи нишонланади. Ўн йил бу жуда катта сана эмас, аммо гап мазмунда дейишади-кў.
Ушбу ўтган йил ичида кузатишларимизча ушбу сайтда бир қатор катта-катта ишлар амалга оширилди. Очиғини айтиш керак, мен ўз номимга профил очаман, сайтдан рўйхатдан ўтаман деб роса уруниб кўрганман.   Бундан икки йиллар аввал “Fikr.uz” деган лойиҳадаги бир танловда иштирок этаман деб. Аммо буни эплолмаганман ўшанда. Барибир ҳам юклаб олиб, маълумотларидан фойдаланганман автризациясиз ҳам. Лекин бу сайтга ҳозир кириш бир мунча соддалаштирилган. Рўйхатдан ўтишингиз билан сизга бу тармоқнинг эшиклари кенг очилади.
 Юқорида айтиб ўтдим мен зиёлилар оиласиданман. Бувим ҳам, онам ҳам ва яна яқинларим ҳам педагогика соҳасида фаолият юритиб келишади. Акаларим ҳаммалари университетдаларни тугаллашган ва ўқишяпти. Ушбу тармоқ ҳамма вақт бизга керак пайтда энг яқин ёрдамчи бўлиб келган.
Ўқишларга киришаётганда “Абитурентлар” бўлимидан фойдаланишган бўлса, манба излаб катта ҳажмдаги  “Кутубхона ”дан фойдаланишарди. Ҳозир ҳам “Курс иши” ва “Реферат”лар ёзишда ёки керакли китобларни топиб ўқишда фойдаланишади. Уйда эса бу “Хазина”дан мен ва ойим фойдаланамиз. Мактабда информатика укитувчимиз Турсунова Хамида билан хамда рус тили фани укитувчимиз Эргашева Зулфия опа билан “ZiyoNet” тармогидан фойдаланамиз.Хозирги пайтда компютерга эга уй хужаликлари 37,4 фоизни интернетдан фойдаланиш имконига эга булганлари эса 58,1 фоизни ташкил килади.
         Қувончли томони, эндиликда  ушбу тармоқ ижтимоий тармоқ вазифасини ҳам бажармоқда. Шу мақсадда ташкил этилган “Гуруҳлар” бўлимида ўқувчи  ҳам ўзи ундаги янгиликлардан бохабар бўлади ҳам ўзидаги янгилик ва хабарларни шу бўлимга жойлайди. Асосийси ўз суҳбатошини топиб у билан баҳс-мунозара юритиши, алоҳида ўзига тегишли бирон йўналишни танлаб олиб уни юргизиши мумкин. Гуруҳини хоҳласа очиқ ёки ёпиқ тарзда ишлатиши мумкин. Дўстлар оттиради, фикрлашади. Айтиш мумкин-ки, шу ерда ижтимоий тармоқлардаги “Одно”, “Фейсбук”ларга ҳожат қолмайди. Уларда ўқувчи шунчаки вақт ўтказса ёки танимаган инсони билан гаплашса бу тармоқда эса реал инсон билан танишиб, дўстлашади. Унинг мактаби, манзили аниқ кўрсатилади.Ундаги манбалар ҳам холис ва ҳақиқий тоза маълумотлардир.
Чунки тизимга республикамиздаги барча таълим муассасаларининг рўйхати, манзили ва телефон рақамлари киритилган. Шу боис синфдош ёки курсдошлар учун алоҳида гуруҳ очиш, уларни қидириш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди.
Онлайн “Савол-жавоблар” тармоқдаги  яқин кўмакчилардан бўлиб, фойдаланувчи  бу бўлимга ўзини қизиқтирган, муаммоли саволларига жавоб топади ва ўз саволлари бўлса тенгдошларига йўллай олади.
         Яна битта менга ва дўстларимга ёқадиган катта бўлимлардан бири видео портал ҳисобланган – uTebe.uz сайтидир. Унга жойланган видео ресурслар шунчалар кўп-ки… уни кўриб кўзинг қувнайди. Ҳоҳлаган мавзуларда, хоҳлаган йўналишларда… инглиз тили бўйича сабоқлар, рус тилидаги манбалар, ўзбек тилида барча фанлар кесимидаги видеолар. Ўқитувчи вап ўқувчилар учун, талабалар учун тайёр “сузилган ош” деса бўлади! Қайси фан бўлса ўшанга тегишли видеолар мавжуд унда! Кўз билан кўриб, қулоқ билан эшитиш орқали эсда қолиш қобилиятини ривожлантириш мумкин.
Гап келганда шуни айтиб ўтишни жоиз деб билдим-ки, эшитишимча, аввал ўқитувчилар битта конспектга суяниб олиб дарс ўтишган. Фойдаланишга манбалар етарли бўлмаган. Ўқувчилар учун ҳам дарсликларидан ўзга бирон манба топилмаган… бугун эса шундай катта имконият яратилган-ки, бунинг учун аввало ҳукуматимизга, ҳурматли Президентимизга минг бор ташаккурлар айтишни бурчим деб биламан. Аммо бир афсусланарли томони бор-ки, ўқувчи-талабалар ёки ўқитувчиларимиз бугунги кунда на Кутубхонадан, на Fikr.uzдаги холис манбалардан, на видео ресурслардан самарали фойдаланишни билмайдилар. Уларнинг айримларини кўпроқ беҳуда олди-қочди сайтлар фикрини банд қилиб қўйганлиги сир эмас! Шу ўринда бир таклифим ҳам бор: Ушбу тармоқ ходимлари жойларга тез-тез чиқиб мактабларда тармоқдан фойдаланиш аҳволини, унинг ишлашини ўрганишса ва энг муҳими тармоқнинг беминнат хизматларидан қай тарзда фойдаланишни барчага бирдай ўргатиб боришса, ўқишлар ташкил этишса бу менимча фойдаланувчилар сонини, мухлислар таркибини ошишига, компьютерлик саводхонлигини ошишига катта ёрдам бўлар эди албатта!
Менда эса оилада ҳар бир дақиқам ҳисобли, қаттиқ назоратда. Мусиқага қизиққаним боис ҳам ушбу фанга тегишли бўлган манбаларни менинг энг яқин кўмакдошим бўлган ZiyоNET кутубхонасидан топаман, видеоресурслардан мусиқага тегишли видеоларни юклаб оламан. Янаяа жаҳон мусиқаларидан, дунёни лол қолдирган Бетховен, Моцарт куйларидан, ўзимизнинг ноёб “Шашмақом”ларимизни, классик куйлар ва қўшиқлар жойлаштирилишини хоҳлайман!
Яна бир таклиф: Кутубхонани янада бойитиш чораларини кўриш лозим деб ўйлайман. Тармоқда шундай бир тадирни эълон қилиш керак-ки, фойдаланувчилар учун, унда шартларидан бири кимда-ким Кутубхона учун энг қадимий қўлёзмани тақдим этса ёки жойлаштирса Марказ ёки тегишли вазирликлар томонидан қимматбаҳо совға ва диплоплар эгаси бўлади… ёки сал бошқачароқ..
ZiyoNET порталининг яна бошқа йирик лойиҳаси — Fikr.uz— блоглар сайти ҳисобланади. Унда мавзулар юзасидан тавсия, методик қўлланма, мақола ва бошқа таълимий ҳамда оммабоп материалар бериб борилиши яхши албатта. Бу лойиҳа жуда қулай, жуда осон фойдаланиш учун, имкониятлари кенг. Кўриниши ҳам ўзгарди яқинда. Лек биз ўқувчиларни ҳайрон қолдирадиган томони шуки, бу сайт аввалгидек фаол эмас, негадир унда аввалгидек танлов ва мушоиралар, энг муҳим янгиликлар эълон қилинмайди, тармоқ ходимлари томонидан шу қадар қизиқарли мақолалар, фикрлар эълон қилиниб бориларди-ки… биз дўстлар билан, уйда эса оилавий ўқир эдик. Негадир ушбу сайтнинг кейинги йилларда шашти тушган… нуфузи ҳам пасайган, фойдаланувчилари ҳам  аввалгидек эмас? Сабабини билмадим, лек уни янада ўқимишли қилиб алоҳида уни бошқарувчи админларга берилса аъло даражадаги иш бўлар эди. Биз ўқувчилар ҳам ўзимиз учун блоглар очиш ниятидамиз.
Ўйинлар бўлими ҳам жажжи укаларимиз учун, ҳаттоки ота-оналаримиз учун ҳам жуда яхши нарса бўлди. Ундаги ўйинлар болаларнинг ёшига мос тарзда яратилганлиги билан аҳамиятга эга.Ундаги ўйинлар ҳам таълимий, ҳам тарбиявий аҳамиятга эга. Ўйинлар замирида миллий қадриятаримиз, маданий ва маънавий меросимиз тарғиб қилингани ота-оналарга фарзандини ахлоқсизлик ва зўравонликни тарғиб қилувчи эмас, фойдали компьтер ўйинлари билан машғул этишда ёрдам бермоқда. Инглиз тилини беминнат ва хорлис ўргатувчи “устоз” вазифасини ўтамоқда. Аммо бунга ҳам ўз эътирозимизни билдириб ўтмоқчимиз: Негадир кейинги пайтларда порталнинг ушбу бўлимига янги-янги ўйинлар жойлаштирилмай қўйилди?
         Танқид ва таклифларимиз ўринсиз бўлса узр сўраган ҳолда айтаман-ки, ту тармоқ, ундаги улкан “хазина” биз ва фойдаланувчи ўқувчилар учун. Демак шундай экан унинг ютуғини ўзимизнинг ютуғимиз деб, камчилигини билиб туриб  айтмасликни ўзимизга  айб билдик. Ахир у биз учун ташкил қилинган ягона таълим тармоғи эканлигини ўзи бизнинг фахримиз, ютуғимиздир!
Мана яқинда uRadio ташкил қилингани ҳам катта имконият ва ютуқларидан биридир. Унда шунчалар куни бўйи қимматли манбалардан парчалар, ҳикматлар, мумтоз адабиётимиздан, тарихимиздан, АКТ янгиликларидан ўқиладики..қани куни бўйи вақтинг етишса-ю, уни тингласанг. Бу мувоффақият билан Марказ раҳбарияти ва барча ходимларини табриклаймиз! Лек шу ўринда унга ҳам таклифларимиз йўқ эмас: Такомиллаштириш лозим уни ҳам, бойитиш, тўғри келган интоннацияга эътибор бермайдиган, адабий тилда гапира олмайдиган номутахассислар эмас, адабиётдан, ижоддан хабар бор, журналистикани эшигини кўрганлар олиб боришса мақсадга мувофиқ бўлармиди янаям. Яна бир фикр, биз вилоятдагилар учун ҳам унда ўрин берилса… аммо бунинг имкони бўлармикан, биз каби ижодкор ўқувчилар ҳам радиода ўз фикрларини айтса, ижодидан намуналар ўқишса..? Қайсидир бир болалар боб рукнларни олиб борсак… бир кун Сурхон ёшлари, бир Тошкент, бир кун… яна қайсидир мактабдан. “Меҳмонхона” рукни ҳам ажойиб жуда!


“Ауидокитоблар” ҳам ўзига хос тармоқниннг бир ютуғи бўлиб, тингловчисига жуда яқин ёрдамчи бўлди, энди бемалол уни эшитиб ишингни қилишинг, у ндан фойдаланиб дарс қилишинг, укаларинг хархаша қилганда эртак қўйиб беришинг мумкин!
“Чет тиллари бўлими”, “Иқтидорли ёшлар”, “Арбоблар”, “meros.uz… булар сафини тўхтамай ўқиш мумкин. Аммо уларда ҳам назаримизда контентни жойлаштириш ва янгилаш ишлари сустлашгандек..
         Ҳар бир лойиҳа ва сайтга, бўлимларга қатъий бир админ-бошқарувчиларни масъул қилиб қўйилса барчаси янада яхши бўлади деб ўйлаймиз.
         Шунингдек, турли кўрик-танловлар, Акциялар буларни биз энг аввало ушбу сайтдан олишимизнинг ўзи катта бахт!
Маълумки, мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар замирида ёшларни ҳар томонлама етук ва баркамол қилиб тарбиялаш, дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашларини таъминлаш устувор вазифа қилиб белгиланган.
ZiyoNET тармоғи бу ўринда  таълим самарадорлигини оширувчи асосий манба бўлиб хизмат қилишини истаймиз. Ўқитувчиларимизнинг, ўқувчиларимизнинг АКТ саводхонликларини ошириш энг муҳим вазифалардан саналади. Чунки биз ахборотлар асрида яшар эканмиз, компьютер билан ишлашни билмаслик, ундан самарали фойдаланмаслик яхши оқибатларга олиб келмаслиги аён! Чунки  энди техникани ўз устозлариданда яхшироқ эгаллаб бораётган ўқувчи-ёшларга шунчаки дарс ўтиб кетиб бўлмаслиги сир эмас.
Ўзбекистоннинг турли тузилмалари томонидан ахборотларни узатиш тармоқларида таълим ва ёшлар бўйича яратилаётган ахборот ресурслари ягона ZiyoNET ахборот тармоғига бирлаштирилган. ZiyoNET ахборот-таълим порталининг фаолият юритаётганига жорий йилнинг сентябр ойида 10 йил тўлади. Ана шу қисқа давр мобайнида ZiyoNET тармоғи миллионлаб қалбларга, минглаб даргоҳларга ўз зиёсини сочишга улгурди, беминнат ва холис хизмат қила олди! Бу борада ўқувчи-ёшларга, педагогларга ва, қолаверса, барча-барчага ахборотларни мунтазам етказиб бериш, манбалар билан таъминлаб яқиндан беминнат ёрдам бергани учун унга энг аввало ташаккурлар айтамиз!
Танқидни меваси ширин бўлади дейишади… булар бизнинг холисона чин дилдан айтган фикрламримиз эди. Мана таълим тармоғи яъни бизнинг дўстимиз, кўмакчимиз ZiyoNETни эрта-индин туғилган куни, таваллуд айёми!
Одатда  туғилган кунда фақат яхши сифатлари айтилиши керак. Юқоридагилар эса улар бизнинг холисона фикрларимиз ва биз фойдаланувчилар уни яхши кўришимиздан эди. Четдан кимдир аччиқ фикрни айтиб аюҳаннос солгандан кўра, бизнинг холисона фикрларимизни ўринли деб қабул қилгайсиз. Лозим топилса фикр ва таклифларимизни жиддий қараб чиқсаларингиз. Чунки бир фаол фойдаланувчи сифатида мен ва мен билган дўстларим, фойдаланувчилар ушбу севимли тармоғимизнинг  янада гуллаб-яшнашини, унинг келажаги бор бўлишини, яшовчан бўлишини ва биз ва биз каби ўқувчи-фойдаланувчиларнинг бир умрлик суянчи, таянчи, дўсти, сирдоши ва беминнат кўмакчиси бўлиб қолишини, дўстлари сафи, ўқувчилари сафи кенгаяверишини, барчанинг кўнглига нуру зиё таратиб туришини  истаймиз!
Хулоса ўрнида шуни айтишни истардим-ки, азиз дўстлар! Қадрли тенгдошлар. Азиз ёшлар! Ҳурматли ота-оналар ва устозларимиз! Ушбу тармоқнинг беминнат манбаларидан, унинг сарчашмаларидан қониб-қониб ичинг! Ундан янада кенгроқ фойдаланинг ахир бу тармоқ шундай сарчашма, шундай қайнар булоқки, уни қанчалар ичганингиз билан, челаклаб ташиганингиз билан у дарё ва денгиз каби туганмасдир. Бу катта кўмакчи тармоқнинг хали биз санаб ўтмаган, биз айтиб ўтмаган хусусиятларини санаб ўтишга вақт етмайди, асосийси унга дўст бўлинг ва унга яқин бўлишга шошилинг қадрдонлар!
“ZiyoNET”им, улкан уммоним,
   Гулла, яшна, эй Зиё коним!
Қутлуғ бўлсин бу қутлуғ ёшинг,
Ортаверсин, шуҳратинг, шонинг!
Эсанова Азиза 9-синф ўқувчиси